A

- Авторизация - бу муайян операцияларни, масалан ҳисобни бошқариш, пул маблағларини олиш, маълумотларни ўзгартириш каби операцияларни бажариш ҳуқуқини тасдиқлаш жараёни.

- Аккредитив - шартнома шартлари бўйича мажбуриятларни бажариш биланоқ, контрагент учун (шартнома бўйича мажбуриятни бўйнига олувчи шахс ёки ташкилот) маҳсулот, ишлар ва хизматлар учун тўловни шартномада кўрсатилган шартлар асосида қабул қилиш имкониятини берувчи банк ҳисобварағи тури. (Қонунлар: “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом”, VII бўлим. Аккредитивлар бўйича ҳисоб-китоблар (ЎзР АВ 03.06.2013 й., 2465-сон))

- Активлар - субъект назорат қиладиган, келгусида улардан даромад олиш мақсадида аввалги фаолият натижасида олинган иқтисодий ресурслардир. (Қонунлар: Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун концептуал асос, 38.1-банд (ЎзР АВ 14.08.1998 й., 475-сон))

- Акция - ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган, эгасининг номи ёзилган акциядорлик жамияти томонидан чиқариладиган қимматли қоғоз. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сонли “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни 3-модда)

- Акция курси - эркин бозорда доимий қийматга эга бўлмаган аксиянинг сотиш баҳоси; акция курси фонд биржасида ўрнатилади. Акция банкка жойлаштирилганда дивиденддан кам бўлмаган даромад келтирадиган суммага сотилади. Акция баҳоси ушбу турдаги акцияга бўлган талаб ва таклифга боғлиқ. Акционерлик жамиятидивиденд тўлайдиган ҳужжат Купон варақаси деб аталади.

- Акциядорлик жамияти - устав фонди муяййан акциялар сонига бўлинган ва акциядорлар ўртасида тақсимланган корхона ёки ташкилот. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик Кодекси, 64-модда)

- Амортизация (эскириш) - фойдали хизмат даври давомида актив (асосий восита) нинг эскирган (амортизацияланган) қийматини унинг вазифасидан келиб чиққан ҳолда маҳсулот (иш, хизмат)лар таннархига ёки давр ҳаражатларига мунтазам тақсимлаш ва киритиш. (Қонунлар: 7-сон БҲМС, Номоддий активлар, 4-банд (ЎзР АВ 27.06.2005 й.1485-сон))

- Асосий фоиз ставкаси – тижорат банклари учун қарз олиш фоиз ставкасини ҳамда қарз олувчилар учун кредит харажатларини белгилаб берувчи фоиз ставкаси; асосий фоиз ставкаси ўзгариши банклараро пул бозоридаги фоиз ставкаларига таъсир кўрсатади.

- Аутентификация - фойдаланувчи томонидан тақдим этилган идентификаторнинг ҳақиқийлигини текшириш. Қуйидаги интернет хизматларига киришда аутентификация талаб қилинади:

  • • электрон почта
  • • ижтимоий тармоқлар
  • • интернет-банкинг
  • • тўлов тизимлари
  • • онлайн дўконлар ва бошқалар.

- Аҳоли даромадлари - аҳолининг шахсий даромадларининг асосий шакли ҳисобланиб, бажарилган меҳнатга ҳақ тўлаш, мулкий даромадлар ва индивидуал равишда амалга оширилган тадбиркорлик фаолиятидан олинадиган даромадлар кўринишида бўлади. Бунга пенсия, нафақа, стипендия, ойлик иш ҳақи ва бошқалар мисол бўла олади. (Қонунлар: Налоговый кодекс РУз, разделы V, VI)

Б

- Базавий инфляция – мавсумий ва маъмурий хусусиятга эга бўлган омиллар таъсирида бўлган айрим товарлар ва хизматлар (мева–сабзавотлар, ёқилғи, йўловчи транспортининг айрим турлари, алоқа хизматлари, уй–жой коммунал хизматлари ва бошқалар) нархларининг ўзгаришини ҳисобга олмаган ҳолда ҳисобланадиган инфляция.

- Банк - банк ҳисобварақларини очиш ва юритиш, тўловларни амалга ошириш, омонатларга (депозитларга) пул маблағларини жалб этиш, ўз номидан кредитлар бериш бўйича банк фаолияти сифатида аниқланган операциялар мажмуини амалга оширувчи тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сонли “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда)

- Банк кафолати - банк-кафилнинг ўз мижози бўйича пул мажбуриятларини бажариши тўғрисидаги кафолати. (Қонунлар: “Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги Низом, (ЎзР АВ 15.05.2012 й. 2364-сон), 1-банд, 2-хатбоши)

- Банк омонати шартномаси - мазкур шартнома бўйича биринчи тарафдан (омонатчидан) қабул қилиб олган ёки унинг номига келган пул суммасини (омонатни) қабул қилиб олган иккинчи тараф (банк) шартномада назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда омонат суммасини қайтариш ва унга фоизлар тўлаш мажбуриятини олади. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 759-модда)

- Банк ресурслари - кредит ажратиш ва бошқа молиявий операцияларни амалга ошириш мақсадида фойдаланиладиган банклар тасарруфидаги ўз маблағлари ва қарз маблағлари йиғиндиси.

- Банк тизимининг ликвидлиги – тижорат банкларининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида очилган вакиллик ҳисобварақларидаги миллий валютада ҳисобланадиган пул маблағлари қолдиқлари.

- Банк ҳисобварағи - банк томонидан шартномага мувофиқ мижозга очилган ҳисобварақ бўлиб, унга кўра банк мижознинг ҳисобварағига тушаётган пул маблағларини қабул қилиш ва ҳисобга киритиш, мижознинг ҳисобварағидан тегишли пул маблағларини ўтказиш ҳамда бериш ва ҳисобварақ бўйича бошқа операцияларни амалга ошириш ҳақидаги топшириқларини бажариш мажбуриятини зиммасига олади. (Қонунлар: “Тижорат банклари томонидан банк кафолатларини бериш тартиби тўғрисидаги Низом, (ЎзР АВ 15.05.2012 й. 2364-сон), 1-банд, 2-хатбоши)

- Банклар гуруҳи - молия институтларининг юридик шахс бўлмаган бирлашмаси бўлиб, бунда асосий банк бошқа молия институтларини назорат қилади. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сонли “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда)

- Банклараро корреспондент алоқалар - бир банк (Корреспондент Банк) бошқа банкларга тегишли омонатларни сақлайдиган ва иккинчисига тўлов ва бошқа операциялар бўйича хизмат кўрсатадиган шартномавий муносабатлар.

- Банклараро пул бозори – миллий ва хорижий валюталардаги маблағларни жойлаштириш ва жалб қилиш бўйича қисқа муддатли (одатда бир йилгача) биржа савдо операцияларини ташкил етиш ва ўтказиш тизими.

- Банкнотларни текшириш - пул бланкалари ва металл тангаларнинг ҳақиқийлиги ва тўлов қобилиятини текшириш.

- Банкомат - банк автомати: банк мижозига мустақил равишда банк пластик картаси ёрдамида ўз ҳисобварағи бўйича оддий банк амалиётларни амалга ошириш имконини берувчи дастурий таъминот, асосан, банк пластик картаси орқали нақд пул ечиб олишга мўлжалланган. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР АВ 30.04.2004 й. 1344-сон), 1-банд, "ф" кичик банди)

- Биржа бозори - олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, аниқ қоидалар асосида биржа савдоларини ташкил этувчи юридик шахс. Биржалар ўз фаолиятини товар-хом ашё, фонд ва валюта биржаси турида амалга оширади. Ҳозирги кунда дунёда 200 дан зиёд биржалар мавжуд бўлиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Тошкент” Республика фонд биржаси, Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржаси, Ўзбекистон Республикаси валюта биржаси фаолият олиб боради. (Қонунлар: ЎзР 12.09.2014 й. ЎРҚ-375-сонли “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда)

- Бошқа депозит ташкилотлари (тижорат банклари) шарҳи – Халқаро валюта жамҳармасининг “Пул-кредит ва молиявий статистикасини шакллантириш бўйича қўлланма”сига мувофиқ бошқа депозит ташкилотларининг (тижорат банклари) жамланма баланс ҳисоботи асосида шакллантириладиган таҳлилий жадвал.

- Бўлиб тўлаш - маҳсулот ва хизматлар хариди қийматини маълум бир муддат давомида қисман, бўлиб тўлаш усули. Мазкур тўлов тури чакана маҳсулотларни кредитга сотиш миқёсида кенг тарқалган. Тўловни бўлиб тўлашда томонлар ўртасида кредит мажбуриятлари юзага келади, яъни сотувчи ўз вақтида амалга оширилмаган тўловлар бўйича штраф ва пенялар ҳисоблашга ҳақли. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси 244-модда, 2-қисм, 419-модда)

В

- Вакиллик ҳисобварақлардаги маблағлар бошқа депозит ташкилотларининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварақларидаги маблағлари.

- Вақт тафовути (лаг) – бир иқтисодий ҳодисани унга боғлиқ бўлган бошқа иқтисодий ҳодисага маълум вақт кечикиш билан таъсир қилиш кўрсаткичи; иккита боғлиқ ҳодиса ёки ҳодисаларнинг юзага келиши ўртасидаги оралиқ вақт.

- Валюта - турли хил давлатларнинг пул бирлигининг умумий номи. Валюта у ёки бу мамлакат ички ҳудудида қабул қилинган миллий валюта, бошқа мамлакат томонидан чиқарилган ҳорижий валюта ва бир неча мамлакатлар томонидан қабул қилинган коллектив валюта (масалан, евро) бўлиши мумкин. Миллий валюта мамлакат ҳудудида қонуний тўлов манбаи ҳисобланиб, унинг ҳақиқийлиги ҳукумат томонидан муҳофаза этилади. Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўм. Валюта бошқа давлат валютасига айирбошлаш имкониятига қараб, эркин конвертаяция қилинадиган, қисман конвертаяция қилинадиган ва конвертаяция қилинмайдиган валюта турларига бўлинади. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюта айирбошлаш шохобчаси - жисмоний шахсларнинг нақд ёки халқаро тўлов карталаридаги чет эл валютасини нақд миллий валютага айирбошлаш, халқаро тўлов карталардаги маблағларни нақд шаклда ечиб бериш ва жисмоний шахсларга нақд чет эл валютасини сотиш операцияларини, шунингдек хорижий валютадаги пул бирликларини инкассо ва экспертизага қабул қилиш хизматларини кўрсатувчи турғун шохобча. (Қонунлар: Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом, (АВ 29.06.2018 й., 3029-сон))

- Валюта бозори - валюта олди-сотди операциялари жараёнида вужудга келадиган иқтисодий муносабатлар. Валюта бозори операциялари фақат бу билан чекланмай, турли хил молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда, валюта нархини келишув пайтида белгилаб, келажакда валюта етказиб беришни назарда тутиш каби мураккаб операцияларни ҳам ўз ичига олади. Ўзбекистонда чет эл валютаси олди-сотди операциялари фақат ваколатли банклар орқали амалга оширилади ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан назорат қилинади. Омма орасида валюта бозори операцияларида иштирок этишнинг энг кенг тарқалган усули бу айирбошлаш шоҳобчаларида валюта айирбошлаш операцияларидир. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюта заҳиралари - ҳукуматнинг тўловлилик қобилиятини белгиловчи конвертация қилинадиган валютадаги ҳукумат заҳиралари ва фондлари.

- Валюта инқирози – валюта бозоридаги алмашув курсларининг кескин тебранишлари, мамлакат валюта захирасининг тугаб бориши ва тўлов балансининг мувозанатлашмаганлиги билан намоён бўладиган кескин вазиятлар билан бир қаторда валюта–кредит соҳасидаги номутаносибликларнинг ортиб бориши.

- Валюта курси - чет эл валютасининг Ўзбекистон Республикаси валютасига нисбатан курси. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюта қимматликлари - чет эл валютаси, номинали чет эл валютасида ифодаланган қимматли қоғозлар ва тўлов ҳужжатлари, норезидентлар томонидан чиқарилган, номиналга эга бўлмаган қимматли қоғозлар, соф қуйма олтин. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюта операциялари - валюта қимматликларига бўлган мулк ҳуқуқининг ва бошқа ҳуқуқларнинг ўтиши билан боғлиқ операциялар, валюта қимматликларидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш, валюта қимматликларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, жўнатиш ва ўтказиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш, жўнатиш ва ўтказиш, резидентлар ва норезидентлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси валютасидаги операциялар. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюта сиёсати - Марказий банкнинг иқтисодий ўсишни таъминлаш, тўлов балансини бошқариш, ишсизликни камайтириш ва инфляциянинг миллий валютага, валюта курсига, валюта операцияларига таъсирини пасайтириш мақсадида олиб борадиган чора-тадбирлари. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Валюталаш санаси - валюта операциялари бўйича битим шартларини бажариш санаси. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР АВ 24.07.2008 й. 1839-сон), 1-банд, 7-хатбоши)

- Валютани назорат қилиш - валютани назорат қилувчи органларнинг валютани тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига резидентлар ва норезидентлар томонидан риоя этилишини таъминлашга қаратилган фаолияти. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 4-модда)

- Вексель - вексель берувчининг ёхуд векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг векселда назарда тутилган муддат келганда вексель эгасига муайян суммани тўлашга доир қатъий мажбуриятини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз. Икки хил вексель тури мавжуд: оддий ва трансфер. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й.ЎРҚ-387-сонли “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда)

- Вишинг (англ. vishing, Voice phishing) - бу фирибгарликнинг яна бир усули бўлиб, бунда фирибгарлар телефон алоқасидан фойдаланган ҳолда маълум бир ролни ўйнайдилар (банк ходими, харидор ва бошқалар). Натижада, турли баҳоналар билан тўлов картаси эгасининг махфий маълумотларни олишга ёки уларнинг карта ҳисоби билан муайян ҳаракатларни амалга оширишга угдашга ҳаракат қиладилар.

Г

- Гаров - бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни мажбуриятларни таъминлаш учун бериши, яъни, кредит таъминоти сифатида хизмат қилаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш эвазига кредит қайтишини кафолатлаш механизми. Гаровга кўра гаровга қўювчи (қарздор) гаров билан таъминланган мажбуриятни бажармаган ёки тўлиқ бажармаган тақдирда гаровга олувчи (кредитор) бу мажбурият бўйича гаровга қўювчи (қарздор) томонидан гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни олишга ва уни қонунд белгиланган тартибда сотиб гаровга қўювчи (қарздор)нинг мажбуриятини тўлиқ қоплашга ҳақли. Гаров қиймати томонлар келишувига асосан белгиланади ва у кредит суммаси ва у бўйича ҳисобланган фоизларни қоплашиши керак. (Қонунлар: ЎзР 01.05.1998 й. 614-I-сон "Гаров тўғрисида"ги Қонуни, 1-модда.)

- Гаров хати - банкнинг ипотека шартномаси бўйича ҳуқуқлари гаров хати билан тасдиқланиши мумкин. Гаров хати эгасининг номи ёзилган қимматли қоғоздир. У гаров хати қонуний эгасининг ипотека билан таъминланган пул мажбуриятининг қўшимча далилларни тақдим этмаган ҳолда бажарилишига эришиш ҳуқуқи; ипотека белгиланган мол-мулкка бўлган гаров ҳуқуқларини, яъни қарздор томонидан кредит бўйича мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаганда юзага келган мажбуриятларини гаров хати эгасининг ипотека гарови ҳисобидан имтиёзли қаноатлантирилиш ҳуқуқини тасдиқлайди. (Қонунлар: ЎзР 04.10.2006 й. ЎРҚ-580-сон “Ипотека тўғрисида”ги Қонуни, 14-модда)

- Гаровга қўювчи - эгалик ҳуқуқи ёки хўжалик юритиш ҳуқуқи билан ёинки мулкдорнинг розилиги билан тегишли бўлган мол-мулкни гаровга қўювчи қарздор ёки учинчи (юридик ёки жисмоний шахс). Гаровга қўювчининг мол-мулки ўзига тегишли бўлиши мумкин, эгалик ҳуқуқини гаровга қўювчи шахсга эса гаровга қўйиш ҳуқуқигина тегишли бўлиши мумкин. (Қонунлар: Қонунлар: ЎзР 01.05.1998 й. 614-I-сон "Гаров тўғрисида"ги Қонуни, 8-модда.)

- Гаровга олувчи - қарздорга тегишли бўлган ёки мулкдорнинг розилиги асосида мулкини мажбуриятларни таъминлаш мақсадида гаровга олувчи кредитор бўлиб, қарздор томонидан мажбуриятлар тўлиқ ёки қисман бажарилмаган тақдирда гаров мулки баҳоси ёки гаров мулкига етказилган зарар бўйича суғурта тўлови ҳисобидан мажбуриятларни тўлиқ қоплаш ҳуқуқига эга бўлади. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й.ЎРҚ-387-сонли “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни, 3-модда)

- Гудвилл - корхонанинг обрўси, фаолияти доирасидаги репутацияси, алоқалари, мижозлари ва ходимлари баҳоси махсус ҳисобварақда актив сифатида баҳоланиб, юритилиши; Гудвилл банкни харид қилиш пайтида харидор томонидан унинг соф активлари (барча активлар бозор баҳоси ва барча мажбуриятлар бозор баҳоси ўртасидаги фарқ) қийматидан юқори тўланадиган сумма сифатида аниқланади. (Қонунлар: 7-сон БҲМС, Номоддий активлар, 60-64-бандлар (ЎзР АВ 27.06.2005 й.1485-сон); Ўзбекистон Республикаси банкларида номоддий активларнинг бухгалтерия ҳисоби тўғрисида Йўриқнома, 3-банд (Ўзр АВ 14.01.2003 й., 1199-сон))

Д

- Давлат божи - юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўловдир. (Қонунлар: ЎзР Солиқ кодекси, 326-модда)

- Давлат қарзи - Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи маблағларни жалб қилиш натижасида вужудга келган мажбуриятлари. (Қонунлар: ЎзР Бюджет кодекси, 3-модда)

- Давлат қимматли қоғозлари - Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан чиқарилган облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сонли “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни 3-модда)

- Давлат мақсадли жамғармалари - Маблағлари солиқлар, мажбурий тўловлар ва жарималар, шунингдек бюджет субсидияларидан шакллантириладиган давлат мақсадли жамғармалари давлат функцияларини амалга ошириш учун ташкил этилади. (Қонунлар: ЎзР Бюджет кодекси, 36-модда)

- Даврий тизимли риск (ингл. cyclical systemic risk) – молиявий ҳамда бошқа иқтисодий субъектлар томонидан проциклик, яъни молиявий циклнинг ўсиш босқичида таваккалчилик даражасини ошириш ва аксинча пасайиш даврида эса рискдан керагидан ортиқча қочиш тенденциялари сабабли пайдо бўлади. Ушбу проциклик тенденциялар ўзини молиявий институтларда (шунингдек, бошқа иқтисодий субъектларда ҳам) ортиқча левераж натижасида юзага келган кредит ва ликвидлилик цикллари ҳамда молиявий сектордаги ҳаддан ташқари муддатлар номувофиқлиги шароитида намоён қилади.

- Даромад (соф) - даромад бўйича мажбурий тўловлар (солиқлар, банк кредитлари бўйича тўловлар ва ҳоказолар) дан кейинги даромад. (Қонунлар: 3-сон БҲМС, "Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот" (ЎзР АВ 25.08.1998 й. 43-сон))

- Девальвация - миллий валюта курсининг чет эл валютасига нисбатан пасайтирилиши. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари Концепцияси, (ЎзР Президенти 18.11.2019 й., ПФ-5877) I, II-бўлимлар)

- Деноминация - пул бирликларининг ўсувчи қийматининг ўзгариши; одатда гиперинфляция ёки кичикрок номинал қийматга эга бўлган эски пул бирликларини янгисига алмаштиргандан кейин кузатилади.

- Депозит аукционлари – банк тизими умумий ликвидлилигини бошқариш ва ликвидлиликнинг таркибий профицити шароитида ортиқча ликвидлиликни банк тизимидан вақтинча олиш мақсадида Марказий банк томонидан тижорат банклари вакиллик ҳисобварағидаги маблағларни аукцион фоиз ставкаларда (одатда бир ёки икки ҳафталик) депозитларга жалб қилиш операциялари.

- Депонирование - ҳужжатли акциялар бланкларини депозитарийларга сақлашга топшириш. (Қонунлар: Қимматли қоғозлар Марказий депозитарийси томонидан акциялар эгалари реестрини қабул қилиш тартиби ва ҳужжатли акцияларни ҳаракатсизлантириш механизми тўғрисида вақтинчалик Низом (ЎзР АВ 12.06.2009 й. 1968-сон), 1, 3-бандлар)

- Дефицит - муайян даврда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларининг унинг даромадларидан ошиб кетиши. Бюджет тақчиллиги инфляция, ҳаражатларнинг норационал тузилмаси, пул-кредит сиётсати, бюджет интизомининг бузилиши, иқтисодиётда катта йўқотишлар, режалаштирилган чора-тадбирларнинг самарасизлиги, ҳарбий ҳаражатлар ва бошқалар натижасида келиб чиқиши мумкин. Бюджет тақчиллигини қоплашнинг асосий манбаи – нархларнинг ошиши, аҳолининг бўш турган маблағларини ва юридик шахсларнинг маблағларини қарз сифатида жалб қилиш, халқаро кредитлар олиш ва бошқалар. (Қонунлар: ЎзР Бюджет кодекси, 3, 24-моддалар)

- Дефляция - нархларнинг умумий даражаси пасайиши.

- Дивиденд - ташкилотнинг солиқ тўловларидан кейинги тақсимланган фойдаси ҳисобидан акциядорнинг ўзига тегишли бўлган акциялари эвазига олган даромади. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сонли “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги Қонуни 3-модда)

- Дисконт ставкаси - турли хил вақтдаги даврларга тегишли бўлган пул маблағлари суммасини бир пайтга келтириш учун фойдаланадиган ставка. (Қонунлар: 6-сон БҲМС, "Ижара ҳисоби" (ЎзР АВ 24.04.2009 й., 1946-сон), 21-банд)

- Дисконтлаш - келажакда аниқ бир вақтда олиниши кутилаётган пул маблағларининг жорий эквивалентини аниқлаш мақсадида инвестицион лойиҳаларни баҳолаш ва танлаб олишда қўлланиладиган усул. (Қонунлар: 6-сон БҲМС, "Ижара ҳисоби" (ЎзР АВ 24.04.2009 й., 1946-сон), 20-банд)

- Дисконтлаш сиёсати - пул-кредит сиёсатини тартибга солиш шаклининг бир тури бўлиб, Марказий банк томонидан давлат қарз маблағларининг талаб ва таклифига фоиз ставкалари ёрдамида таъсир ўтказилишидир.

Ж

- Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси - фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия тизимида қатнашишини тасдиқловчи ҳужжат, унда шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағининг асосий реквизитлари кўрсатилади ва ушбу ҳисобварағида пул маблағларининг ҳаракати акс эттирилади. (Қонунлар: Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида Низом (ВМнинг 21.12.2004 й.даги 595-сон қарорига 1-илова), 2-банд, 6-хатбоши.)

- Жисмоний шахс - фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини бажарувчи шахс. Юридик шахсдан фарқли равишда жисмоний шахс қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга, мустақил иқтисодий муносабатларни йўлга қўя оладиган, жумладан ўз иқтисодий активларига эга бўлиб, битимлар туза оладиган шахс ҳисобланади. (Қонунлар: Гражданский кодекс РУз, ст.ст. 1168 - 1171)

- Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи (даромад солиғи) - ўтган йил учун фуқароларнинг пул маблағлари бўйича жами даромадларидан олинадиган солиқ.

- Жорий операциялар ҳисоби – бу мамлакат тўлов балансининг бир қисми ҳисобланиб, унда резидентлар ва норезидентлар ўртасидаги товарлар, хизматлар, бирламчи ва иккиламчи даромадлар (ишчилар иш ҳақи, инвестициядан олган даромадлар ва бошқалар) оқими акс этирилади.

И

- Идентификация - бу ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда мижознинг шахсини текшириш ва тасдиқлаш жараёни.

- Ижтимоий инвестиция - инсон салоҳиятини, кўникмаларини ва ишлаб чиқариш тажрибасини ривожлантиришга, шунингдек номоддий бойликларнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар. (Қонунлар: ЎзР 25.12.2019 й. ЎРҚ-598-сон “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонуни, 2-боб, 5-модда)

- Ижтимоий муҳандислик - бу тажовузкор инсонлар томонидан зарур маълумотларни олиш ёки техник воситалардан фойдаланмасдан инсон ҳаракатларини бошқариш усули. Ижтимоий муҳандисликнинг моҳияти ишонтириш, айёрлик каби психологик усулларидан фойдаланган ҳолда одамларга таъсир қилишдир.

- Иқтисодий нормативлар - Марказий Банк томонидан пул айланмасини бошқариш ва банк операцияларини тартибга солиш бўйича стандартларни ўрнатиш. Масалан, мажбурий захира ставкаси, ликвидлик ставкалари, капиталнинг етарлилик даражаси ва бошқалар мисол бўла олади.

- Иқтисодий ресурслар - асосий воситалар, номоддий активлар, бошқа қимматликлар ва компанияга қарашли ва фойда олиш учун фойдаланиладиган пул маблағлари мажмуи. (Қонунлар: Молиявий ҳисоботни тайёрлаш ва тақдим этиш учун Концептуал асос (АВ 14.08.1998 й. 475-сон), 14-банд)

- Иқтисодий цикл – иқтисодий ривожланишнинг табиий шакли бўлиб, бунда ишлаб чиқариш ўсиши, бандлик ва ЯИМ ўсиши иқтисодиётнинг пасайиш (рецессия) даврлари билан алмашади.

- Имзо намуналари ва муҳр изи қўйилган варақча - ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш мақсадида банкда сақланадиган банк мижозларининг ёки мутасадди ташкилотларнинг имзо намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчаси; банк-корреспондентларга жўнатиладиган банкнинг масъул ходимларининг имзо намуналари. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом (АВ 03.06.2013 й. 2465-сон), 2-боб, 14-модда)

- Импорт - товарларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига уларни қайта олиб чиқиб кетиш тўғрисидаги мажбуриятни олмасдан олиб кирилиши; капиталнинг кредит ва қарз кўринишида олиб кирилиши; ташкилотларнинг хорижий компаниялар томонидан сотиб олиниши; чет эл шахслари, корхоналари, ташкилотларининг пуллик хизматларидан фойдаланиш. (Қонунлар: ЎзР 26.05.2000 й. 77-II-сон "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги Қонуни,11-модда)

- Имтиёзли давр - кредит бўйича асосий қарзни қайтариш муддати кечиктирилган давр. (Қонунлар: Якка тартибда ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича янги типлардаги арзон уй-жойлар қурилишида қатнашувчи тижорат банклари - "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, АТ "Халқ банки", "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисида Низом, (ВМ 25.05.2009й., 148-сон) 2-илова, 2-банд)

- Инвестицион талаб – хўжалик юритувчи субъектларнинг ўз фаолиятини юритиш ва кенгайтириш учун фойдаланадиган жисмоний капитал объектлари (машина, ускуналар) ва хизматларга бўлган талаб. Инвестицион талаб иқтисодиётдаги ялпи талабнинг бир қисмидир.

- Инвестициялар - инвестор томонидан фойда олиш мақсадида ижтимоий соҳа, тадбиркорлик, илмий ва бошқа фаолият турлари объектларига таваккалчиликлар асосида киритиладиган моддий ва номоддий бойликлар ҳамда уларга бўлган ҳуқуқлар, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар, шунингдек реинвестициялар бўлиб, улар маблағларни (миллий ва чет эл валютасидаги пул маблағлари), шу жумладан мақсадли банк омонатларини, пайларни, улушларни, акцияларни, облигацияларни, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни; кўчар ва кўчмас мол-мулкни (бинолар, иншоотлар, ускуналар, машиналар ва бошқа моддий қимматликларни); интеллектуал мулкка доир мулкий ҳуқуқларни, шу жумладан у ёки бу ишлаб чиқариш турини ташкил этиш учун зарур бўлган, техник ҳужжатлар, кўникмалар ва ишлаб чиқариш тажрибаси тарзида расмийлаштирилган, патентланган ёки патентланмаган (ноу-хау) техник, технологик, тижоратга оид ва бошқа билимларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа қимматликларни ўз ичига олиши мумкин. (Қонунлар: ЎзР 25.12.2019 й. ЎРҚ-598-сон «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда)

- Инвестор - фойда олиш мақсадида инвестиция фаолияти объектларига ўзининг маблағларини ва (ёки) қарз маблағларини ёхуд жалб қилинган бошқа инвестиция ресурсларини инвестиция қилишни амалга оширувчи инвестиция фаолияти субъекти. (Қонунлар: ЎзР 25.12.2019 й. ЎРҚ-598-сон «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда)

- Инерцион инфляция – инфляциянинг узоқ муддатли даражасидан оғишга олиб келган шоклардан сўнг узоқ муддатли мувозанат даражасигача секинлик билан қайтиш тенденцияси.

- Инкассо - банк амалиётларининг тури бўлиб, мижознинг топшириқномасига асосан ўз ҳисобварағидан тўловни амалга ошириш ёки тўловни акцепт қилиш мажбуриятини банк (банк-эмитент) ўз зиммасига оладиган нақдсиз ҳисоб-китоблар шаклининг бир кўриниши. (Қонунлар: Унифицированные правила по инкассо (Издание Международной Торговой палаты 1978 года N 522), пункт 1.1)

- Инновация - иқтисодиётнинг техника ва технологиялар янги авлодини яратишни таъминлайдиган бўлагига маблағларни киритиш. (Қонунлар: ЎзР 09.12.2014 й. ЎРҚ-380-сон «Инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, 4-модда)

- Интернет-банкинг - мижозга интернет орқали масофавий хизмат кўрсатиш. Қоидага кўра, мижоз банк филиалида фойдаланиши мумкин бўлган банк хизматларидан интернет орқали ҳам фойдалниши мумкин, жумладан, ҳисобварақлари бўйича кўчирмалар, омонат ҳисобварағи очиш, филиаллараро ва банклараро пул ўтказмаларини амалга ошириш ва ҳ. Бундай амалиётларнинг рўйхати фақат дастурий таъминотга ва банкнинг бизнес-жараёнларигагина боғлиқ.

- Инфляцион кутилмалар - кутилаётган, тахмин қилинаётган инфляция даражасига таянган ҳолда ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар ўзининг келажакдаги пул ва нарх сиёсатини режалаштириши, даромад, ҳаражат, фойда, кредитларини баҳолаши. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 18.11.2019 й. ПФ-5877-сон «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони)

- Инфляцион кутилмалар индекси – инфляция янада тезлашиш ёки пастлашиш ҳолати бўйича сигнал берувчи инфляцион кутилмаларнинг миқдорий кўрсаткичи.

- Инфляцион таргетлаш ўзида шундай пул-кредит сиёсати режимини акс эттирадики, унда Марказий банк томонидан инфляция даражаси бўйича доимий мақсад (таргет) эълон қилинади ва унинг ҳаракатлари пул-кредит инструментлари ва коммуникациядан фаол фойдаланган ҳолда жорий инфляцияни унинг мақсадли кўрсаткичига етказишга йўналтирилади. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 18.11.2019 й. ПФ-5877-сон «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони)

- Инфляция - маҳсулот ва хизматларнинг нарх-навоси даражасининг ошиши натижасида пулнинг қадрсизланиши ва аҳолининг тўловлилик қобилиятнинг пасайиши. Бу маълум бир давр ичида мамлакатдаги маҳсулот ва хизматлар учун нарх-навонинг ошиш жараёнидир. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 18.11.2019 й. ПФ-5877-сон «Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони)

- Инфляциянинг монетар омиллари – ўрта муддатли истиқболда Марказий банкнинг пул–кредит сиёсати воситалари ёрдамида бевосита таъсир қилиши мумкин бўлган инфляцион омиллари.

- Инфляциянинг номонетар омиллари – Марказий банкнинг пул–кредит сиёсати таъсири доирасидан ташқарида бўлган инфляцияга таъсир қилувчи омиллар. Ушбу гуруҳга ташқи иқтисодий шароитлар, таркибий омиллар (асосий фондлар ҳолати, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва унумдорлиги, ишчи кучи таклифи ва сифат кўрсаткичлари, ишлаб чиқаришнинг технологик даражаси, транспорт, логистика инфратузилмаси, бозор концентрациясининг даражаси), норматив–ҳуқуқий муҳит, фискал сиёсат, товарлар ва хизматлар таклифи томонидан келтирилган омиллар киради.

- Ипотека - гаровга олувчи кредиторнинг эгалигига ўтказилмайдиган кўчмас мулк (асосан, ер, бино-иншоотлар) гаров тури. (Қонунлар: ЎзР 04.10.2006 й. ЎРҚ-58-сон "Ипотека тўғрисида"ги Қонуни)

- Ипотека кредити - турар-жой биносини сотиб олишга ажратиладиган узоқ муддатли кредит. Бунда турар-жой биноси ипотека кредитининг таъминоти сифатида хизмат қилиб, қарздор унинг мулкдори ҳисобланади ва ундан фойдаланишга ҳақли. Қарздор томонидан ипотека кредитини қайтариш бўйича мажбуриятлар бажарилмаган тақдирда банк гаров таъминотини сотишга ва кредит бўйича юзага келган мажбуриятларни қоплашга ҳақли. (Қонунлар: Правила организации ипотечного кредитования юридических и физических лиц (Утв. Правлением специализированного государственно-акционерного ипотечного банка "Замин" 23.09.1996 г. протокол N 5), п. 3)

- Ипотекани қайта молиялаш ташкилоти - бу молиявий ресурсларни жалб қилиш ва уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс. (Қонунлар: нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиявий фаолият тўғрисида (ЗРУ 20.04.2022 № ЗРУ-765))

- Истеъмол кредитлари - жисмоний шахс (истеъмолчи)ларга унинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитлар. Бундай кредитлар асосан жисмоний шахсларга автотранспорт сотиб олиш, уй жиҳозлари, электрон жиҳозлар, уй-жой таъмирлаш, саломатликни тиклаш, саёҳатга чиқиш мақсадларида ажратилади. Истеъмол кредитларининг молиявий (банк томонидан ажратиладиган исътемол кредитлари) ва товар (маҳсулотларни бўлиб тўлашга сотиш) истеъмол кредит шакллари мавжуд. (Қонунлар: ЎзР 06.05.2006 й. ЎРҚ-33-сон "Истеъмол кредити тўғрисида"ги Қонуни, 3-модда)

- Истеъмол нархлари индекси (ИНИ) – аҳоли томонидан истеъмол учун харид қилинадиган товар ва хизматлар умумий нархлар даражасининг ўзгариш кўрсаткичи. ИНИ белгиланган товар ва хизматларнинг жорий даврдаги нархлари йиғиндисининг олдинги (базавий) даврдаги нархларига нисбати орқали ҳисобланади.

- Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш - истеъмолчиларнинг маҳсулот ва хизматлардан, шу жумладан, молиявий бозор маҳсулотларидан фойдаланганда уларнинг манфаатларини ҳимоясини таъминловчи қонунчилик нормативлар ва амалий тадбирлар. (Қонунлар: ЎзР 26.04.1996 й. 221-I-сон "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни)

К

- Капитал - тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўлган маблағлар; қўшимча товар ва хизматлар ишлаб чиқариш учун яратилган узоқ муддатга сарфланадиган ресурслар; инсон еҳтиёжларини бевосита қондирмайдиган маҳсулотлар; инвестицион маҳсулотлар; бизнес амалиётлари учун тўланадиган пул; Капитал доимий (ишлаб чиқариш воситалари қиймати) ва ўзгарувчан (меҳнат кучи қиймати) капиталга, унинг қийматини маҳсулотга ўтказиш усулига кўра еса - асосий ва айланма капиталга бўлинади. (Қонунлар: Терминология, применяемая в Международных стандартах финансовой отчетности (МЮ 25.10.2004 г. N 1419))

- Капитал инвестициялар - асосий фондларни яратиш ва такрор кўпайтиришга, шу жумладан янги қурилишга, модернизация қилишга, реконструкция қилишга, техник жиҳатдан қайта жиҳозлашга, шунингдек моддий ишлаб чиқаришнинг бошқа шаклларини ривожлантиришга киритиладиган инвестициялар. (Қонунлар: Қонунлар: ЎзР 25.12.2019 й. ЎРҚ-598-сон «Инвестиция ва инвестиция фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, 2-боб, 5-модда)

- Кафиллик шартнома - кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб беришни ўз зиммасига олиши кўзда тутилган шартномат тури. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 4-параграф)

- Квитанция - пул маблағлари, ҳужжатлар ва бошқа қимматликларни банк кассасига қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзма ҳужжат. (Қонунлар: Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир Йўриқнома,(АВ 23.01.2019 й., 3028-1-сон) 2-илова)

- Кенг маънодаги пул массаси (М2) миллий валютадаги пул массаси ҳамда чет эл валютасидаги депозитлардан иборат.

- Кобейджинговая карта - иккита тўлов тизимининг қўшма картаси.

- Конверсия амалиётлари - жисмоний шахсларга бир хорижий давлатнинг нақд валютасини бошқа хорижий давлатнинг нақд валютасига алмаштириб бериш. (Қонунлар: Тижорат банкларида жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом, (АВ 29.06.2018 й. 3029-сон))

- Конвертация - валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операциялари. (Қонунлар: ЎзР ВМ 10.07.2001 й. 294-сон "Биржадан ташқари валюта бозори фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида", 1 бўлим)

- Консалтинг - хўжалик юритувчи субъектларга эксперт, техник ва иқтисодий фаолият соҳасида маслаҳат бериш фаолиятидир. Консалтинг ташкилотлари ҳудудий, соҳавий ва бошқа принципларга оид мутахассисларга эга бўлиши мумкин. (Қонунлар: ЎзР 09.12.1992 й. 734-XII-сон "Аудиторлик фаолияти тўғрисида" Қонуни, 17-модда)

- Корпоратив молия (ташкилот молияси) - ташкилот фаолиятини молиявий таъминлаш учун хизмат қилади. (Қонунлар: Кодекс этики профессиональных бухгалтеров (Принят Советом Национальной Ассоциации бухгалтеров и аудиторов 19 марта 2010 года), п.290.204)

- Корпоратив пластик карточкаси - юридик шахс ва эмитент банк ўртасидаги шартнома асосида корпоратив банк картасидан фойдаланувчи юридик шахс ёки у ваколат берган шахсга нақд пулсиз шаклда тўловларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тўлов картаси. (Қонунлар: Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ 18.04.2005 й. 1470-сон), 1-банди, "а"-кичик банди)

- Корреспондент ҳисобварақ - Марказий банк бўлинмаларида кредит ташкилотларининг очилган ҳисобварақлари. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида бухгалтерия ҳисоби ҳисобварақлари режаси,(АВ 13.08.2004 й., 773-17-сон) 2-боб)

- Котировка - миллий валютанинг хорижий валютага нисбатан тез ўзгарувчан нархи. (Қонунлар: Биржа котировкалари (кимошди савдолари) ўртача нархларини белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ 14.10.2009 й. 2017-сон))

- Кредит - қайтаришлилик шарти билан (фоиз тўловлари билан биргаликда) маҳсулот ёки пул кўринишидаги қарз/ссуда; қарздор ва кредитор ўртасидаги иқтисодий муносабатларни белгилайди. (Қонунлар:ЎзР Фуқаролик кодекси, 2-параграф)

- Кредит картаси - банкнинг кредит маблағлари ҳисобидан маҳсулот ва хизматлар учун тўловларни нақд пулсиз кўринишда амалга ошириш учун ишлатиладиган тўлов картаси. Кредит банк ўрнатган лимит доирасида ажратилади ва кредит бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилганда кредит суммаси янгиланади. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги Низоми (АВ 30.04.2004 й. 1344-сон), 8 "б"-банд)

- Кредит қарздорлиги - кредити ёхуд унинг бир қисми, кредитдан фойдаланганлик учун ҳисоблаб ёзилган фоизлар, пенялар ҳамда қарз олувчи/биргаликда қарз олувчилар томонидан белгиланган муддатда тўланмаган бошқа тўлов мажбуриятлари бўйича қарз суммаси. (Қонунлар: Якка тартибда ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича янги типлардаги арзон уй-жойлар қурилишида қатнашувчи тижорат банклари - "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, АТ "Халқ банки", "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисида Низом, (ВМ 25.05.2009й., 148-сон) 2-илова, 2-банд)

- Кредит таъминоти - қарз олувчи томонидан мажбуриятларнинг (масалан, кредит қарздорликларини) бажарилиши кафолатлайдиган гаров тури.

- Кредит шартномаси - банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини оладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси. (Қонунлар: Гражданский кодекс РУз, ст. 744)

- Кредитга лаёқатлилик - қарз олувчи (биргаликда қарз олувчилар)нинг кредит шартномаси бўйича ўз тўлов мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш бўйича жами даромадлар таҳлилидан келиб чиққан ҳолда аниқланадиган лаёқати. (ҚонунларҚонунлар: Якка тартибда ҳамда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича янги типлардаги арзон уй-жойлар қурилишида қатнашувчи тижорат банклари - "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, "Ипотека банк" АТИБ, АТ "Халқ банки", "Асака банк" АТБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБ томонидан имтиёзли ипотека кредити бериш тартиби тўғрисида Низом, (ВМ 25.05.2009й., 148-сон) Илова, I-бўлим, 2-банд)

- Кросс-курс - бир валютанинг иккинчи валютага бўлган курси орқали учинчи валютанинг курсини аниқлаш натижаси. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом, 1-илова, 1-банд)

- Кўчар мулк - Кўчмас мулк жумласига кирмайдиган барча кўринишдаги мол-мулклар тури, яъни, ер, бино ва иншоотларига таалуқли бўлмаган мол-мулклар. Кўчар мулкка ўзи ҳаракатланадиган мулклар (автотранспортлар) кириб, уларга пуллар, мажбурий ҳуқуқ талабномаси, қимматли қоғозлар, қарздорлик гувоҳномалари, ижро варақалари. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 83-модда)

- Кўчмас мулк - ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 83, 84, 515, 1184-моддалар)

Қ

- Қайта молиялаш - тижорат банкларида банк ресурслари тугаганда ва бошқа манбалар (масалан, банкалараро кредит бозори ва қимматли қоғозлар бозори) орқали пул маблағларини жалб этиш имконияти бўлмаганда Марказий банк томонидан уларга қарз маблағларини ажратилиши. Тижорат банклари жалб қилган қарз маблағларига (ички ва ташқи) банкнинг маржасини қўшган ҳолда мижозларига ва бошқа банкларга кредит/қарз сифатида ажратиши.

- Қимматли қоғоз - ҳужжатлар бўлиб, улар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сон «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонуни, 3-модда)

- Қимматли қоғозлар бозори - юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлари тизими молиявий бозор турларининг бири бўлиб, унда қимматли қоғозлар савдоси (қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи) юритилади. Бу ерда тадбиркорлар, инвесторлар қимматли қоғозлар (акция, облигациялар ва б.)нинг олди-сотдисига доир битимлар амалга оширилади. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й.,ЎРҚ-387 «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда)

- Қисқа муддатли мажбуриятлар – банкнинг 1 йил муддатгача бўлган мажбуриятлари.

- Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) - ишлаб чиқаришнинг барча босқичларида яратилган ва сотилган товарлар, ишлар ва хизматлар қиймати билан ишлаб чиқариш ва муомалалар харажатларига тааллуқли моддий харажатлар қиймати ўртасидаги фарқ сифатида белгиланган қўшилган қиймат қисмининг бюджетга чиқарилиш шакли.

Л

- Либор - Лондон банклараро кредит бозорида тақдим этилган қисқа муддатли кредитлар (3-6 ой муддатга) учун мўлжалланган фоиз ставкаси. Жаҳон молия бозорида қисқа муддатли фоиз ставкалари учун мезон сифатида хизмат қилиб, LIBOR йирик халқаро молия ташкилотлари томонидан ажратилган таъминланмаган кредитлар учун ўртача ставка сифатида олинади.

- Лизинг (молиявий ижара) - молиявий ижаранинг алоҳида тури бўлиб, унда лизинг берувчи (биринчи тараф) лизинг олувчининг (иккинчи тараф) топшириғига биноан сотувчидан (учинчи тараф) лизинг шартномасида шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) мулк қилиб олади ва уни лизинг олувчига шу шартномада белгиланган шартларда ҳақ эвазига эгалик қилиш ва фойдаланиш учун ўн икки ойдан ортиқ муддатга беради. (Қонунлар: ЎзР 14.04.1999 й. 756-1-сон "Лизинг тўғрисида"ги Қонуни, 2-модда)

- Лизинг берувчи - лизинг шартномаси бўйича лизинг олувчига келгусида топшириш мақсадида лизинг объектини мулк қилиб олувчи шахс. (Қонунлар: ЎзР 14.04.1999 й. 756-1-сон "Лизинг тўғрисида"ги Қонуни, 4-модда, 2-қисм)

- Лизинг олувчи - Эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг шартномаси бўйича лизинг объектини олаётган жисмоний ёки юридик шахс. Лизинг олувчи айби билан лизинг объектининг ишдан чиқиши лизинг олувчини лизинг шартномасига асосан молиявий мажбуриятлардан озод этмайди. (Қонунлар: ЎзР 14.04.1999 й. 756-1-сон "Лизинг тўғрисида"ги Қонуни, 4-модда, 3-қисм)

- Ликвид активлар - қиймати бозорда шаклланадиган, бозор қиймати бўйича қисқа муддат ичида уларни сотиб олишга осонлик билан харидор топиладиган, доимий равишда кўзда тутилмаган (номақбул) йўқотишларсиз сотилувчи ва сотиб олинувчи активлар.

- Лицензия - лицензияловчи орган томонидан юридик ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ). (Қонунлар: ЎзР 25.05.2000 й.71-II-сон "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонуни, 1-бўлим, 3-модда)

- Логотип - махсус ишлаб чиқилган, оригинал тарзда чизилган компаниянинг тўлиқ ёки қисқартирилган номи (ёки ушбу компаниянинг маҳсулотлари гуруҳи).

- Ломбард - бу шахсий истеъмол учун мўлжалланган кўчар мулк (нарсалар) гарови эвазига жисмоний шахсларга қисқа муддатли микрокредитлар бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс. (Қонунлар: нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиявий фаолият тўғрисида (ЗРУ 20.04.2022 № ЗРУ-765))

- Ломбард - шахсий истеъмолга мўлжалланган кўчар мол-мулкни заклад шаклида гаровга қабул қилиб, фуқароларга қисқа муддатли (уч ойдан ошмаган муддатга) кредитлар берувчи кредит ташкилоти. (Қонунлар: Ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга ошириш қоидалари (АВ 10.12.2003 й. 1290-сон), I-бўлим)

М

- Мажбурий захиралар – бу бошқа депозит ташкилотларининг Марказий банкдаги мажбурий захира ҳисобварақларидаги.

- Мажбурий захираларнинг меъёрий ҳажми - банклар томонидан Марказий банкка топшириладиган мажбурий резервлар суммаси. Мажбурий захираларнинг меъёрий суммаси мажбурий захиралар меъёрини сўндирилган мажбуриятлар бўйича резервларнинг ўртача суммасига кўпайтириш йўли билан ҳисобланади. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сон. «Банк ва банк фаолиятлари тўғрисида»ги, 40-модда)

- Макропруденциал сиёсат - юзага келиши мумкин бўлган шоклар, тизимли рискларни олдини олиш ва уларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, иқтисодиётнинг барқарор фаолият юритишини таъминлайдиган буферлар жорий этиш орқали молиявий тизимнинг барқарорлигини ошириш деб таърифланади. Макропруденциал сиёсат қуйидагилар билан тавсифланади: (а) унинг мақсади тизимли рискларни чеклашдан иборат; (b) қўлланилиш доираси индивидуал институтларга эмас, балки бутун молиявий тизимга (жумладан, реал ва молиявий секторларнинг ўзаро муносабатларига) қаратилган сиёсатдир; (с) биринчи навбатда тизимли рискларнинг манбаларига йўналтириш учун мослаштирилган пруденциал инструментлардан фойдаланади.

- Макропруденциал чоралар (ингл. macroprudential policy) – молия сектори ёки унинг алоҳида соҳаларида тизимли рискни минималлаштиришга қаратилган фаол тадбирлар мажмуи.

- Маош - ташкилот томонидан меҳнат шартномасига асосан маълум мажбуриятларни бажариш учун ишга ёлланувчига мунтазам равишда (одатда ҳар ой) тўланадиган тўлов. Ойлик маошнинг қиймати ишчининг малакаси, ишнинг ҳажми, сифати ва қийинлигига қараб иш берувчининг меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига асосан белгиланади. Меҳнат ҳақи қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан оз бўлиши мумкин эмас. (Қонунлар: ЎзР Меҳнат кодекси, 67, 110, 162, 163, 279-моддалар)

- Марказий банк - пул-кредит ёки монетар сиёсат орқали мамлакатдаги нархларнинг, банк тизимининг, тўлов тизимлари ишлашининг, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида пул эмиссияси, пул ва кредит миқдорини бошқарадиган молиявий ташкилот. (Қонунлар: ЎзР 11.11.2019 й. ЎРҚ-582-сонли, “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Қонуни, 3,5-моддалари)

- Марказий банкнинг валюта интервенциялари – Марказий банк томонидан монетар олтинни сотиб олиш натижасида вужудга келган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш, шунингдек миллий валюта курсининг кескин ўзгаришини олдини олиш мақсадида Марказий банкнинг валюта сотиб олиш ва сотиш орқали валюта бозоридаги иштироки.

- Марказий банкнинг фоиз сиёсати – Марказий банк пул–кредит сиёсатининг бир қисми бўлиб, унинг ёрдамида Марказий банк молиявий ресурсларнинг қиймати ва иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасига, шунингдек аҳоли ва бизнес субъектларининг молиявий ва инвестицион қарорларига таъсир қилади. Фоиз сиёсати активларнинг миллий валютадаги реал ижобий фоиз ставкаларини таъминлаш мақсадига қаратилади. Марказий банк фоиз ставкаси ўзгартирилиши иқтисодиётдаги фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиб, инвестициялар ва жамғармалар ўзгаришига таъсир этади, бу ўз навбатида, ялпи талаб шаклланишига таъсир кўрсатади.

- Махсус қарз олиш ҳуқуқи - ХВЖ томонидан яратилган Халқаро резерв активи бўлиб, ХВЖнинг аъзоларига уларнинг расмий резервларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилади.

- Махсус қарз олиш ҳуқуқи (SDR) – Халқаро валюта жамғармаси томонидан жамғарма аъзоларининг мавжуд захираларини тўлдириш учун яратилган халқаро захира. Махсус қарз олиш ҳуқуқи эгалари фақат Халқаро валюта жамғармасига аъзо пул-кредит ташкилотлари ва айрим ваколатли халқаро молия ташкилотлари ҳисобланади. Махсус қарз олиш ҳуқуқига эгалик қилиш Халқаро валюта жамғармасининг бошқа аъзоларидан валюта ёки бошқа захира активларини олиш учун шартсиз ҳуқуқларни англатади.

- Маъмурий тартибга солинадиган нархлар – бозор механизмлари (талаб ва таклиф) асосида шаклланмайдиган, аксинча ҳукумат идоралари, ташкилотлар ва корхоналар орқали алоҳида турдаги маҳсулотлар (товарлар, хизматлар)ни маъмурий йўл билан тартибга соладиган нархлар.

- Меҳнат ҳақининг энг кам миқдори - муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас. (Қонунлар: ЎзР Меҳнат кодекси, 155-модда)

- Микрозайм - микроқарз банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахс бўлган қарз олувчига энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг юз баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағлари. (Қонунлар: ЎзР 15.09.2006 й. ЎРҚ-50-сон "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонуни, 5-модда)

- Микрокредит қарз олувчига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада тўловлилик, муддатлилик ва қайтариш шартлари асосида бериладиган пул маблағларидир. Микрокредит қарз олувчига пул маблағларини шартномага мувофиқ муайян мақсадлар учун ишлатиш шартлари асосида (мақсадли микрокредит) берилиши мумкин. (Қонунлар: ЎзР 15.09.2006 й. ЎРҚ-50-сон "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонуни, 4-модда)

- Микролизинг - банклар, микрокредит ташкилотлари, ломбардлар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган хизмат тури. Бунда хизмат кўрсатувчи ташкилот лизинг олувчи (қарздор)нинг буюртмасига асосан лизинг сотувчи (учинчи тараф)дан мол-мулк сотиб олиш, унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш шартлари асосида қарздорга лизингга сотади. Микролизинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун лизинг тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақи миқдорининг икки минг баравари миқдоридан ошмайдиган суммада берилади. (Қонунлар: ЎзР 15.09.2006 й. ЎРҚ-50-сон "Микромолиялаш тўғрисида"ги Қонуни, 6-модда)

- Миллий валютадаги пул массаси ўз ичига пул массаси (М1) ҳамда миллий валютадаги бошқа депозитларни олади.

- Молия - фондларни шакллантириш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш жарайонида вужудга келадиган иқтисодий муносабатларнинг умумлашгани. Жамоат, корпоратив ва шахсий молия турлари мавжуд.

- Молия бозори - қимматли қоғозлар, қимматбаҳо металлар, валюталар ва бошқа инвестиция воситаларини қарз олиш, бериш, сотиб олиш ва сотиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар тизими. Молия бозорига фонд бозори (қимматли қоғозлар бозори), ҳосилалар бозори, пул ва валюта бозорлари ва суғурта бозори киради. Молия бозори иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари банклараро бозорда бўлгани каби айирбошлаш орқали ёки ташкилотлар ўртасида шартномалар тузиш орқали амалга ошиши мумкин. Молия бозори иштирокчилари юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатади. Молия бозорлари таркибида тартибга солувчи органлар алоҳида ўрин тутади.

- Молия тизими – турли хил молиявий воситалар ёрдамида давлат, ташкилотлар ва аҳолининг маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишни таъминлайдиган молиявий ташкилотлар ва молия бозорлари мажмуи. Бунда, молиявий институтлар (бозорлар ва молиявий ташкилотлар) чекланган молиявий ресурсларни бир хўжалик юритувчи субъектларидан бошқаларига қайта тақсимлайдилар.

- Молиявий агент - пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш эвазига молиялаштириш бўйича шартномалар тузиш ҳуқуқи (лицензия) га эга бўлган банклар ва бошқа кредит ҳамда тижорат ташкилотлари. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 3-боб, 751-758-моддалар)

- Молиявий барқарорлик – ресурсларни қайта тақсимлашни ва молиявий таваккалчиликни бошқаришни таъминлаган ҳолдаги молиявий тизимнинг ўз функцияларини самарали бажарадиган, молия бозорида (унинг сегментларида) ҳаддан ташқари ўзгарувчанлик бўлмаган, ҳисоб–китобларнинг узлуксизлиги таъминланган, ва шунингдек салбий шоклар таъсирини бартараф эта оладиган ва стресс ҳолатидан қайта тиклана оладиган, шунингдек, молия тизимининг фавқулотда ҳолатларда фаолият кўрсата оладиган молия тизимининг ҳолатидир.

- Молиявий саводхонлик - тўғри молиявий қарорларни қабул қилиш, шунингдек шахсий молиявий барқарорликка эришиш учун зарур бўлган молиявий билим, кўникма, муносабат ва ҳатти-ҳаракатларнинг жамланмаси. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 23.03.2018 й. ПҚ-3620-сонли, “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2,7-бандлар, п 2, 7)

- Молиявий фирибгарлик - ноқонуний бойитиш мақсадида алдаш, ишончни суиистеъмол қилиш ва бошқа манипуляциялар орқали молия бозорида ноқонуний ҳаракатларни содир етиш.

- Молиявий хавфсизлик - иш жойини йўқотиш, касаллик ёки авария каби кутилмаган ҳолатлар туфайли даромад йўқотилганда нақд пул ва бошқа қимматликлар захираси. Молиявий хавфсизлик аниқ мақсади барча шароитда ҳаёт мақбул стандарти сақлаб қолиш учун ёрдам бериш. Унинг ҳажми оила ёки фуқаронинг имкониятлари билан белгиланади. Одатда, бу мақсадлар учун камида 3-6 ойлик даромад миқдори бўлиши тавсия етилади. Ҳаво ёстиқчасининг шаклланиши иш ҳақи ёки бошқа манбалар шаклида олинган даромадлардан пул маблағларини мунтазам кечиктириш билан боғлиқ.

- Молиявий хизматлар - банк операциялари ва битимлари, суғурта хизматлари, қимматли қоғозлар бозорида хизматлар кўрсатиш, молиявий ижара битимларини ва пул маблағларини ва қимматли қоғозларни бошқаришў бўйича ишонч шартномаларини тузиш каби молиявий хизматлар. (Қонунлар: Соглашение о партнерстве и сотрудничестве между Республикой Узбекистан и Европейскими сообществами и их государствами-членами (Флоренция, 21 июня 1996 г.), Приложение IV)

- Монетар олтин – пул кредит ташкилотлари (ёки монетар ташкилотларни самарали бошқарадиган бошқа субъектлар) бошқариш ҳуқуқига эга бўлган ва улар томонидан захира активлари сифатида сақланадиган олтин.

- Муаммоли кредитлар – сифати “қониқарсиз”, “шубҳали” ва “умидсиз” деб таснифланган кредитлар.

- Муомаладаги (банк тизимидан ташқаридаги) нақд пуллар Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган барча нақд пуллар бўлиб, бунда Марказий банк ҳамда тижорат банклари кассаларидаги миллий валютадаги нақд пуллар ҳисобга олинмайди.

- Муомаладаги нақд пуллар (М0) Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган нақд пуллар бўлиб, бунда Марказий банк ҳамда тижорат банклари кассаларидаги миллий валютадаги нақд пуллар ҳисобга олинмайди.

Н

- Нақдсиз пуллар - ҳисоб-китоблар учун фойдаланиладиган у ёки бу ҳисобварақда сақланадиган пул маблағлари.

- Нарх - қандайдир товар ёки хизмат учун таклиф этилаётган, сўралаётган ёки тўланган пул суммаси. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси мулкни баҳолаш миллий стандартини тасдиқлаш тўғрисида «Баҳолашни умумий тушунчаси ва принциплари» (АВ 24.07.2006 й. 1604-сон), 3-бўлим)

- Нарх белгилаш - товарлар нархини ва умуман нарх тизимини шакллантириш жараёни. Эркин бозорда нархлаш жараёни ўз-ўзидан содир бўлади, нархлар рақобат муҳитида талаб ва таклиф таъсири остида шаклланади. Инвестиция фаолияти жараёнида товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати танлов (тендер) савдолари натижаларига кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса тўғридан-тўғри шартномалар орқали белгиланади. (Қонунлар: ЎзР 09.12.2014 й. ЎРҚ-380-сонли "Инвестиция фаолияти тўғрисида"ги қонуни, 14-модда)

- Номонетар олтин - Монетар олтиндан (пул-кредит сиёсатини амалга оширувчи органларга тегишли бўлган ва резерв активлари сифатида сақланувчи қуйма олтинлар) бошқа ҳамма олтинни ўз ичига олади. Таркибида олтин бўлган заргарлик буюмлари, уларнинг қисмлари ва ҳ.к. номонетар олтин ҳисобланмайди, улар товарлар экспорти ва импортида акс эттирилади.

- Норезидент - бошқа мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик шахс; бошқа мамлакатда доимий яшовчи жисмоний шахс; хорижий давлатлар қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган юридик шахс бўлмаган корхона ва ташкилотлар; мамлакатда жойлашган хорижий дипломатик ва бошқа расмий ваколатхоналар, шунингдек халқаро ташкилотлар, уларнинг филиаллари ва ваколатхоналари; Ўзбекистон Республикаси солиқ резиденти бўлмаган шахслар. (Қонунлар: ЎзР Солиқ кодекси, 30-модда)

О

- Облигациялар - эмиссиявий қимматли қоғоз бўлиб, у облигацияни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қатъий белгиланган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқлайди. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси (2-қисм) 3-бўлим, 41-боб, 741-модда)

- Овердрафт - форма краткосрочного кредита, осуществляемого списанием средств по счету клиента сверх остатка на нем. В результате образуется дебетовое сальдо. Предоставляется банками наиболее надежным клиентам по договорам, где устанавливаются: максимальная сумма овердрафта, условия предоставления и порядок погашения. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом (АВ 03.06.2013 й. 2465-сон), 122-модда)

- Овердрафт кредитлари - мижознинг ҳисобварағидаги маблағларни у бўйича балансдан ортиқча дебетлаш йўли билан амалга ошириладиган қисқа муддатли кредит шакли. Натижада дебет баланси (қолдиғи) пайдо бўлади. Овердрафт кредитлари тижорат банклари томонидан кредитнинг максимал қиймати, кредит ажартиш шартлари ва тўлов жадвали акс эттирилган шартномага асосан ишончли мижозларга ажратилади. (Қонунлар: ЎзР нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги Низом (АВ 03.06.2013 й., 122-банд))

- Овердрафт лимити - банк мижози ҳисобварағида ўз маблағлари етарли бўлмаганда ишлатиши мумкин бўлган овердрафт кредити суммасининг максимал қиймати. Мижознинг банк пластик картасидаги пул айланмаси ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда овердрафт лимити ҳар бир мижоз учун алоҳида белгиланади.

- Омма (жамоат) молияси - пул маблағларини шакллантириш ва улардан давлат фаолиятини таъминлаш учун фойдаланиш тизмини ташкиллаштириш.

- Омонат (Депозит) - жисмоний шахслар томонидан сақлаш ва даромад олиш мақсадида банкнинг махсус ҳисобварақларида қўйиладиган миллий ёки ҳорижий валютадаги пул маблағлари. Мижоз ва банк ўртасида тузилган омонат шартномасига мувофиқ ҳар қандай омонат тури (муддатли ва талаб қилиб олунгунча) учун фоизлар тўланиши таъминланади. Омонатлар бўйича хизмат кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг тегишли лицензиясига эга бўлган, банклардаги жисмоний шахсларнинг омонатларини мажбурий суғурта қилиш тизимида иштирок этган, Фуқароларнинг омонатларини кафолатлаш жамғармасида рўйхатдан ўтган банклар томонидан амалга оширилади. Шу билан, омонатларнинг сақланиши нафақат банкнинг ўзи, балки давлат томонидан депозитларни кафолатлаш тизими орқали ҳам кафолатланади. (Қонунлар: ЎзР фуқаролик кодекси, 43-бўлим)

- Омонат дафтарчаси - омонат бўйича бажарилган операцияларни омонатчига ёзма равишда тасдиқловчи ва омонат бўйича олинган мажбуриятларни кафолатловчи ҳужжат. Масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари (банк мобил иловаси) орқали электрон оферта асосида қўйилган омонатлар бўйича омонат дафтарчалари очилмайди. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ 26.08.2015 й. 2711-сон), 7-боб)

- Омонат/депозит сертификатлари - эгасининг номи ёзилган бланка кўринишидаги қимматли қоғоз бўлиб, банкка қўйилган омонат суммасини, фоизларини, муддатини ўзида акс эттиради ва сертификат эгасига омонатнинг муддати тугаганда банкнинг исталган филиалидан омонат суммаси ва унга ҳисобланган фоизларни қўшиб олиш ҳуқуқини беради. Омонат сертификати жисмоний шахсларга берилади, депозит сертификати эса юридик шахсларга берилади. Марказий банк депозит сертификатлари эгалари Ўзбекистон Республикасининг резиденти бўлган тижорат банклари ва бошқа юридик шахслар бўлиши мумкин. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси Марказий банки депозит сертификатлари тўғрисида Низом (АВ 23.09.2008 й. 1858-сон); ЎзР ЎРҚ-387-сон 03.06.2015 й. «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда)

- Онлайн тўловлар - нақд пул ёрдамида ҳолда онлайн ёки mobil илова орқали товарлар ёки хизматлар учун тўлов қобилияти. агар ҳисоб ёки Банк картаси дастурий бириктирилган бўлса, ушбу операция веб-сайт ёки mobil тўлов дастурида амалга оширилади.

- Оффшор ҳудуд - имтиёзли солиқ режимини тақдим қилувчи ва (ёки) молиявий операцияларни амалга оширишда улар ҳақидаги маълумотларни ошкор этмасликни ва тақдим қилмасликни кўзда тутувчи давлатлар ва ҳудудлар. Бундай ҳудудларда рўйхатдан ўтувчи норезидент чет эл корхоналари фақатгина рўйхатдан ўтганлик учун тўлов тўлайди. (Қонунлар: Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари (АВ 23.05.2017 й., 2886-сонли Қарорга илова), 1-банд)

П

- Пластик карта - барча турдаги тўлов карталарини назарда тутиш учун қўлланиладиган умумий атама. Банк томонидан чиқариладиган, персонализацияланган, тўлов воситаси сифатида ишлатиладиган ва ўз сақловчисига банк ҳисобварағидаги маблағлари доирасида операцияларни, жумладан, ҳисобварақ орқали нақд пулсиз ҳисоб-китобларни (тўловларни) амалга ошириш, ундан нақд пул маблағларини ва банк кредитини олиш имконини берувчи банк пластик картаси. (Қонунлар: “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисида”ги Низом, (АВ 03.06.2013 й. 2465-сон), 106-банд)

- Претекстинг (англ. pretexting) – бу фирибгар ўзини бошқа шахс сифатида таништирадиган ва олдиндан тайёрланган сценарий бўйича махфий маълумотларни ўрганадиган ҳужум. Фирибгарда жабрланувчининг шахсий маълумотлари шубҳа уйғотмаслик учун олдиндан мавжуд бўлади. Масалан, туғилган кун санаси, ИНН, паспорт рақами ёки ҳисобнинг охирги рақамлари. Одатда телефон ёки электрон почта орқали амалга оширилади.

- Профицит - муайян даврда бюджет даромадларининг унинг харажатларидан ошиб кетиши. Уй хўжалигида, барча эҳтиёжлар қондирилгандан кейин ортадиган пул маблағларидир. Бундай пул маблағларини молиявий жиҳатдан саводхон фуқаро инвестиция киритишга, банкдан омонат очишга ёки суғурта компанияларининг хизматларидан унумли фойдаланишга йўналтиради. (Қонунлар: ЎзР Бюджет кодекси, 3-модда)

- Пруденциал назорат - банк фаолиятининг ўзига хос таваккалчиликларининг олдини олиш ва қисқартириш мақсадида банклар фаолияти устидан Марказий банк томонидан олиб бориладиган назорат. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сонли «Банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги» Қонуни, VI-боб)

- Пул базаси Марказий банкдан ташқаридаги нақд пулларни, бошқа депозит ташкилотларининг Марказий банкдаги вакиллик ва мажбурий захира ҳисобварақларидаги маблағларни ҳамда бошқа секторларнинг Марказий банкдаги депозитларидаги маблағларини ўз ичига олади.

- Пул массаси – муомаладаги нақд пуллар ва банклар ҳисобварақларидаги депозит маблағларининг йиғиндиси. Пул массасини таҳлил қилиш мақсадида ликвидлик даражасига қараб турли хил пул агрегатлари ҳисобланади: М0 – муомаладаги нақд пуллар; М1 – М0 + миллий валютадаги талаб қилиб олинадиган депозитлар; М2 – М1 + муддатли, жамғарма ва миллий валютадаги бошқа депозитлар + хорижий валютадаги депозитлар.

- Пул массаси (М1) муомаладаги нақд пуллар ва миллий валютадаги талаб қилиб олингунча депозитларни ифодалайди.

- Пул муомаласи - пул маблағларининг нақд ва нақд бўлмаган шаклидаги айланмаси бўлиб, у товар, шунингдек тўловлар ва ҳисоб-китоблар айланмасини таъминлайди. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 15.04.2005 й. ПҚ-57-сон "Нақд пул муомаласини такомиллаштириш ва банкдан ташқари айланмани қисқартириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори)

- Пул ўтказмаси - банк ва почта хизматлари, пул ўтказмаси тизимлари, шунингдек онлайн-хизматлари ёрдамида бир шахсдан бошқа бир шахсга юбориладиган пул жўнатмаси. (Қонунлар: ЎзР 01.11.2019 й. ЎРҚ-578-сон "Тўлов ва тўлов хизматлари тўғрисида"ги Қонуни, 14-модда, ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сон "Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни, 10-модда)

- Пул–кредит сиёсати – ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган макроиқтисодий сиёсатнинг бир қисми. Пул–кредит сиёсати пул–кредит инструментларидан фойдаланиш орқали банк тизимидаги ликвидлик ҳажмини, фоиз ставкалари ва бошқа монетар кўрсаткичларни белгиланган даражада ушлаб туриш учун амалга оширилади.

- Пул–кредит сиёсатининг трансмиссион (узатиш) каналлари – пул–кредит сиёсати соҳасидаги қарорларнинг нархлар динамикаси ва иқтисодиётга таъсир қилиш каналлари. Марказий банк фоиз ставкаси ўзгарилиши ёки ўзгаришсиз қолдирилиши ва унинг келгусидаги траекторияси тўғрисидаги сигналининг молиявий бозор сегментларидан иқтисодиётнинг реал секторига ва натижада инфляция даражасига аста–секинлик билан тарқалиш жараёни. Фоиз ставкасининг ўзгариши иқтисодиётга қуйидаги асосий каналлар орқали узатилади: фоиз, кредит, валюта, активлар нархи ва кутилмалар каналлари.

Р

- Реал эффектив айирбошлаш курси (инглизча Real effective exchange rate) – Мамлакат асосий савдо ҳамкорининг маҳсулотларига нисбатан ички товарларнинг нарх рақобатбардошлиги ўзгаришидан далолат берувчи ҳисоб-китоб валюта курси. Реал эффектив айирбошлаш курсининг иқтисодий мазмуни савдо ҳамкор мамлакатларидаги инфляция даражасига қайта мослаштирилган айирбошлаш курсининг ўзгаришини акс этишидан иборат.

- Ревальвация - миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан қадри ошиши.

- Регулятив капитал - банк фаолиятини тартибга солиш ва пруденциал нормативлар ҳисоб-китобини амалга ошириш мақсадида ҳисоб-китоб қилиш йўли билан аниқланадиган банк капитали.

- Резидент - мамлакат қонунчилиги тўлиқ тадбиқ этиладиган ва ушбу мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик ва жисмоний шахслар. (Қонунлар: Налоговый кодекс Республики Узбекистан, ст. 19)

- Реквизитлар - норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (шартнома, ҳисоб-фактура, чек, вексель)да кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар (ҳужжат тури ва номи, рақами, қабул қилинган жой ва санаси, тўлов суммаси, тўловчининг номи ва бошқалар). (Қонунлар: ЎзР 24.12.2012 й., ЎРҚ-342 "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги Қонуни, 25-модда)

- РЕПО операциялари – тижорат банкларининг қисқа муддатли қарз олиш учун қайта сотиб олиш келишуви асосида давлат қимматли қоғозларини Марказий банкка сотиш операциялари ёки Марказий банкнинг пул таклифи ва банк резервини бошқариш мақсадида қимматли қоғозларни тижорат банкларига сотиш операциялари (бунда, давлат қимматли қоғозлари гаров вазифасини ўтайди).

С

- СВОП - маълум бир вақт оралиғида хорижий валюталарни олди-сотдиси амалга оширилган санада келишилган курсда хорижий валюталарни қайта алмаштиришга доир битимлар; қимматли қоғозларни бир вақтнинг ўзида алмаштириш амалиёти. (Қонунлар: ЎзР 12.09.2014 й. ЎРҚ-375 "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни, 16-модда; Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (АВ 24.07.2008 й. 1839-сон), 1-банд, 8-хатбоши)

- Смета - бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларида смета бу бюджет ташкилотларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилган маблағларнинг ҳажми, мақсадли йўналиши ва ҳар чоракда тақсимланишини белгилайдиган молиявий режалаштириш тўғрисидаги акт; фуқаролик қонунчилигида эса келгусидаги пул ҳаражатларининг батафсил ҳисоб режаси тушинилади.

- Смишинг (инглизча SMishing – "SMS" ва "fishing") - бу СМС орқали фишинг тури. Фирибгарлар жабрланувчига фишинг сайтига ҳаволани ўз ичига олган СМС-хабар юборишади. Шу билан бир қаторда, жабрланувчига интернетдаги маълумотлар ва тўлов ресурсларига тўлов тафсилотлари ёки шахсий кириш параметрлари тўғрисида жавоб СМС-хабарида махфий маълумотларни юбориш таклиф этилади.

- Солиқ резидентлари - тегишли мақомга эга, солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар. (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, 30-модда)

- Солиқ тўловчининг иденфикация рақами (СТИР) - ҳисобга олишда ҳар бир солиқ тўловчига Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона бўлган Солиқ органи томонидан бериладиган қайд рақами. СТИР солиқ органларига тақдим этиладиган барча ҳужжатларда, ҳисоб-китоб ва тўлов ҳужжатларида, юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартномаларида ва қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларда кўрсатилиши мажбурийдир. (Қонунлар: ЎзР Солиқ кодекси, 127-модда)

- Соф кредитор - Активлари мажбуриятларидан кўпроқ бўлган иқтисодий субъект.

- Соф қарздор - Мажбуриятлари активларидан кўпроқ бўлган иқтисодий субъект.

- Соф очиқ валюта мавқеи – банкнинг хорижий валютада ифодаланган талаблари суммасининг хорижий валютадаги мажбуриятлари суммаси ўртасидаги фарқи.

- Сохталаштириш (Қалбакилаштириш) - маҳсулот, савдо белгиси ва шу кабиларни сохталаштириш, қасддан қалбакилаштириш; маҳсулотнинг ташқи кўринишини сақлаган ҳолда маҳсулот сифатини қасддан ёмонлаштириш. (Қонунлар: ЎзР 05.05.1994 й. 1054-XII-сон "Банкротлик тўғрисида"ги қонуни, 190-модда)

- СПОТ - биржа товарларининг уларни кечиктирмасдан етказиб бериш шарти билан тузиладиган олди-сотди битимлари; валютавий своп амалиётларида эса спот битими своп битимининг биринчи қисми бўлиб, валюталарнинг дастлабки алмашинуви амалиёти тушинилади. (Қонунлар: ЎзР 12.09.2014 й. ЎРҚ-375 "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни, 16-модда)

- Ссуда - ссуда шартномасига асосан бир тараф иккинчи тарафга ўзининг пул ёки моддий бойликларини устига фоизларини қўшиб тўлаган ҳолда қайтариш шарти билан берадиган қарз маблағлари.

- Стресс–тест ўтказиш (инглизча stress testing) – молия ташкилотлари, айрим секторлар, бозорлар ёки умуман молия тизимининг рискларини таҳлил қилиш ва уларни истисно аммо эҳтимолий шокларга чидамлилигини баҳолаш усули.

- Субсидия (лотинча субсидиум – ёрдам, нафақа, қўллаб-қувватлаш) – бу давлат бюджети ёки махсус фондлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга, маҳаллий органларга ёки бошқа давлатларга бериладиган пул маблағи ёки моддий (масалан, асбоб-ускуна) кўринишдаги ёрдамдир. Субсидия давлат томонидан маълум бир соҳаларни ривожлантириш ва рағбатлантириш мақсадида қайтариб олмаслик шарти билан ажратилади. Лекин, ажратилган субсидия суиистеъмол қилинганлиги аниқланса, давлат қонунчиликда кўзда тутилган тартибда уни қайтариб олиши мумкин.

- Суғурта - юридик ёки жисмоний шахслар тўлайдиган суғурта мукофотларидан шунингдек суғурталовчининг бошқа маблағларидан шакллантириладиган пул фондлари ҳисобидан муайян воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берганда ушбу шахсларга суғурта шартномасига мувофиқ суғурта товонини (суғурта пулини) тўлаш йўли билан уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш. (Қонунлар: ЎзР 05.04.2002 й. 358-II-сон "Суғурта фаолияти тўғрисида"ги қонуни, 3-модда)

- Суғурта полиси - суғурта компанияси томонидан суғурта қилдирувчига шахсан бериладиган суғурта шартномасини ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган ва шартнома шартларини ўзида тўлиқ акс эттирувчи ҳужжат. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 917, 930, 931-моддалар)

Т

- Ташқи савдо айланмаси - Ой, чорак, йил каби маълум бир муддат давомида давлат, давлатлар гуруҳи ёки маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг (вилоятларнинг) ташқи савдо ҳажмини акс эттирувчи пул билан ўлчанадиган иқтисодий кўрсаткич. У экспорт ва импорт қийматларининг йиғиндисига тенг.

- Таъсисчилар - акциядорлик жамиятлари, фонд, бирлашма, биржа ва бошқа ташкилотларнинг асосчилари. (Қонунлар: ЎзР 29.08.2003 й. 527-II-сон "Жамоат фондлари тўғрисида"ги, 10-модда)

- Тендер - товар ва хизматларни сотиб олиш бўйича буюртмачилар томонидан тақдим этиладиган ҳамда тендер ҳужжатлари мезонларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан аризачилар ўртасида рақобат ярата оладиган танлов савдоси шаклларидан биридир. (Қонунлар: Положение о порядке организации и проведения тендеров на закупку товаров и услуг Центральным банком Республики Узбекистан (ЦБ 27.02.1998 г. N 379), абз. 6 п. 1.2)

- Терминал - банк соҳасида банк картаси эгасига тўлов операцияларини амалга ошириш имкониятини берувчи ва бажарилган операциялар бўйича «слип»ларни шакллантирувчи стационар ёки мобил қурилма. Биржа фаолияти доирасида эса бу биржа аъзосида мавжуд бўлган ва электрон савдо тизимига уланган махсус дастурий таъминотга эга компьютердир. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларнинг Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги Низом (АВ 16.04.2019 й. 1344), 1-банд, "у"; Қонунлар: Электрон биржа савдо тизимига оид умумий талаблари тўғрисидаги низом (АВ 24.08.2006 й. 1618-сон), 3-банд)

- Тижорат банкларининг мажбурий заҳиралари - кредит муассасаларининг Марказий Банк билан корреспондентлик ҳисобида мажбурий заҳира сифатида сақлашлари лозим бўлган маблағлари. Банкларнинг жойлаштирилган омонатлар бўйича мажбуриятларини таъминлаш, шунингдек муомаладаги пул миқдорини тартибга солиш бўйича мажбурий захира тизими жорий этилган. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сон. «Банк ва банк фаолиятлари тўғрисида»ги, 40-модда)

- Тизимли хатарлар – молия бозорининг алоҳида иштирокчиси ёки иштирокчилар гуруҳи билан боғлиқ хатарлардан фарқли, бутун молия тизими ёки молия бозори фаолиятини қулаш хавфи.

- Транзакция - бу тугалланган банк операцияси бўлиб, бунда маълум миқдордаги пул бир ҳисобдан бошқасига ўтказилади.

- Трансчегаравий пул ўтказмалари – пул маблағларини мамлакатга ёки мамлакат ташқарисига халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали ўтказиш.

- Тузилмавий (тармоқлараро) тизимли риск (ингл. structural systemic risk) – молиявий тизимдаги умумий таваккалчиликлар ва ўзаро боғлиқликлар натижасида молиявий институтларни умумий рискларга нисбатан таъсирчанлигини ошириб, уларни тўловга қобилиятсизлик ҳолатига олиб келади.

- Тўлов баланси – маълум вақт давомида резидентлар ва норезидентлар ўртасидаги барча иқтисодий битимларни акс эттирувчи статистик ҳисобот.

У

- Узоқ муддатли пуллар – иқтисодиёт ва молия соҳасида узоқ муддатли (бир йилдан ортиқ) қарзлар (инвестициялар) ёки узоқ муддатли кредитларни тавсифлаш учун ишлатиладиган ибора.

- Устав капитали (фонд) - таъсис ҳужжатлари ва қонунчиликка асосан тижорат корхоналари (хўжалик жамиятлари ва ширкатлари)ни ташкил этишда пул, қимматли қоғозлар, пул билан баҳоланадиган бошқа мол-мулк кўринишида киритилган маблағлар. (Қонунлар: ЎзР 11.12.2003 й. 558-II-сон "Хусусий корхона тўғрисида"ги қонуни, 12, 13-моддалар)

Ў

- Ўзбекистон банклар ассоцияцияси - Ўзбекистон Республикаси банклари ҳамжамияти манфаатларини ифода этувчи нодавлат ташкилот. Республика тижорат банкларининг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга атрофлича кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилган тижорат банкларининг ихтиёрий бирлашмаси.

- Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари - эмиссиявий қимматли қоғозлар бўлиб, улар эмиссиявий қимматли қоғозлар эгалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига пул маблағлари киритганлигини тасдиқлайди ва бу қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини беради. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015 й. ЎРҚ-387-сон "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонуни, 3-модда)

- Ўзгарувчан валюта курси - чет эл валютасини сотиб олиш ва сотиш бўйича операцияларда валюта курси чет эл валютасига бўлган талаб ва таклифдан келиб чиқиб, шартномавий асосда белгиланиши. (Қонунлар: ЎзР 22.10.2019 й. ЎРҚ-573-сонли «Валютани тартибга солиш тўғрисидаги» Қонуни, 8-модда)

- Ўртачалаш коэффициенти - мажбурий резервлар норматив миқдорининг Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағида сақланадиган ўртачалаштирилган миқдорини аниқлашда фойдаланиладиган қиймати 0 дан 1 гача бўлган коэффициент.

Ф

- Факторинг - банк хизматларининг бир тури бўлиб, бунда маҳсулот етказиб берувчи корхоналар томонидан етказиб берилган товарлар (бажарилган ишлар ёки кўрсатилган хизматлар) бўйича акцептланган, лекин тўланмаган тўловни (қарз), регресс ҳуқуқисиз, банк томонидан молиялаштирилиши тушинилади. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан ўзбекистон республикаси ҳудудида факторинг операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ 03.08.2000 й. 953-сон), 1.3-банд)

- Фискал сиёсат - давлат фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат даромадлари ва харажатларини муайян иқтисодий ва ижтимоий мақсадлар учун тартибга солишга қаратилган чора-тадбирлар тизимини ўз ичига олувчи молиявий сиёсатнинг ажралмас қисми. Ҳукуматнинг солиқларни белгилаш ва маблаг ъ сарфлаш ҳуқуқларидан фойдаланишига асосланади. (Қонунлар: ЎзР Президентининг 08.01.2019 й. ПФ-5614-сонли, Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги Фармони, 1-банд)

- Фишинг (инглизча phishing, fishing – балиқ овлаш, password – пароль) - бу интернет фирибгарлигининг бир тури бўлиб, унинг мақсади фойдаланувчининг идентификация маълумотларини (банк карталари, ҳисоб рақамларига логин ва пароллар) олишдир.

- Фоиз коридори – пул бозоридаги қисқа муддатли фоиз ставкаларини Марказий банкнинг асосий фоиз ставкасига (фоиз таргетига) яқинлаштириш тизими; фоиз коридорининг юқори чегараси Марказий банкнинг тижорат банкларига қарз тақдим этиш ставкаси (одатда овернайт ставкаси), қуйи чегараси эса Марказий банкнинг тижорат банкларидан депозитлар жалб қилиш ставкаси ҳисобланади.

- Фоиз ставкалари - қарздор томонидан олинган қарз маблағлари учун қарз берувчига асосий қарзга қўшиб тўланадиган тўлов суммаси. (Қонунлар: Тижорат банклари кредит сиёсатига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисидаги Низом (АВ 29.08.2019 й. 905-6-сон) 2.9-банд)

- Фонд бозори - қимматли қоғозларни чиқариш ва сотиб олиш ва сотишдан келиб чиқадиган иқтисодий муносабатлар. Инвесторлар фонд бозорида мавжуд маблағларни жойлаштиришлари мумкин ва компаниялар ва давлат органлари ўз лойиҳаларини молиялаштириш учун инвестицияларни олишлари мумкин. "Қимматли қоғозлар бозори" атамаси кўпинча "фонд бозори" тушунчасининг синоними сифатида ишлатилади, чунки фонд бозори қимматли қоғозлари акциялар, облигациялар билан чиқарилган ва операцияларни ўз ичига олади. (Қонунлар: ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг Фонд биржасида акцияларнинг бирламчи ва икиламчи оммавий таклифларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисидаги қарори (АВ 26.04.2019 й. 358-сон))

- Форвард битими - реал товарни етказиб бериш муддати кечиктирилган ҳолдаги олди-сотди битимлар. кечиктирилган етказиб бериш муддати билан реал товарлар (шу жумладан қимматли қоғозлар, валюта) га нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўзаро ўтказилиши билан боғлиқ валюта битими. Форвард битими икки бозор иштирокчилари ўртасида амалга оширилади ва томонларнинг истакларига жавоб берадиган шартларни ўз ичига олади, биржаларда (фонд, валюта) амалга ошириладиган фючерс битимлари шартлари олдиндан белгиланган ва стандартлаштирилган; форвард битимлари учун шартнома эгасининг фойдаси ёки зарари унинг тугаши вақтида аниқланади. (Қонунлар: ЎзР 29.08.2001 й. 260-II-сонли “Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, 23-модда)

- Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди - банклар билан ёзма равишда тузиладиган битимлар асосида фаолият юритадиган юридик шахс. Фонд фаолиятининг мақсади банкнинг банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан бекор қилинган тақдирда фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича ҳақ тўланишини ушбу Қонунда назарда тутилган шартларда ва миқдорда кафолатлашдан иборатдир. Фуқароларнинг банклардаги омонатлари бўйича Фонднинг ҳақ тўланишини кафолатлаши банк қайта ташкил этилганлиги муносабати билан лицензия чақириб олинган ҳолларга тааллуқли эмас. (Қонунлар: ЎзР 05.04.2002 й. 360- II-сонли «Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 4-модда)

- Фьючерс - муддатли битимлар, муайян вақтда ва аниқ нархда сотиб олиш, ёки белгиланган миқдордаги қимматли қоғозлар, валюта ёки келишилган товарлар миқдорини сотиш бўйича шартнома мажбуриятлари. (Қонунлар: Қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш ва муомалада бўлиши тартиби (АВ 02.04.1997 й. 320-сон), 1.2-банд)

- Фючерс битими - товар ёки фонд биржасида тузиладиган битмиларнинг бир тури бўлиб, икки иштирокчи томонидан стандарт шартларга асосан тузилган шартномадир. Бунда, иштирокчиларнинг бири қатъий белгиланган миқдордаги товар, валюта ёки қимматли қоғозларнинг сотиш мажбуриятини олади, иккинчиси еса уни тўлаш мажбуриятини битимга асосан маълум муддатдан сўнг амалга ошириш мажбуриятини олади. Фючерс операциялари учун ҳисоб-китоб ҳар куни ўтган савдолар натижалари асосида амалга оширилади. (Қонунлар: ЎзР 29.08.2001 й. 260-II-сонли “Биржа ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Қонуни, 23-модда)

Х

- Халқаро валюта жамғармасидаги захира позиция – бу захира транши суммаси, яъни аъзо мамлакат қисқа вақт ичида Халқаро валюта жамғармаси томонидан олиши мумкин бўлган чет эл валютаси миқдори (махсус қарз олиш ҳуқуқи билан бирга).

- Халқаро захиралар – пул-кредит органлари томонидан эгалик қилинадиган ва фойдаланишга тайёр бўлган, чет эл валютасида ифодаланувчи ташқи активлар бўлиб, тўлов балансининг молиявий эҳтиёжларини қондиришга, валюта бозорида миллий валюта айирбошлаш курсининг барқарорлигини таъминлашга ва бошқа тегишли мақсадларга кўзланган (масалан, миллий валютага ва иқтисодга бўлган ишончни қўллаб-қувватлаш учун ва ташқи қарзларни олишга асос сифатида).

- Халқаро инвестицион позиция (ХИП) – макроиқтисодий тушунча бўлиб, мамлакатнинг норезидентлар олдидаги молиявий актив ва мажбуриятларининг умумий ҳажми ва тузилишини акс эттиради.

- Хеджлаш (валюта ва бошқа хатарларни суғурталаш) - валюта ва бошқа рискларни ташқи савдо ва кредит операциялари орқали суғурталаш, савдо ёки кредит битими валютасидаги ўзгаришлар, эҳтимолий йўқотишларни қоплаш захираларини яратиш ва бошқалар. (Қонунлар: ЎзР Марказий банкининг 25.10.2004 й. 1419-сонли “Ўзбекистон Республикаси марказий банки томонидан тижорат банкларининг чоп этиладиган йиллик молиявий ҳисоботларига қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги Низоми, 1-илова, 5-банд)

- Холдинг - Турли хил корхоналарнинг фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва дивиденд кўринишида даромад олиш мақсадида корхоналарнинг назорат акция пакетларини сотиб олиш шаклидаги бизнес. Кўп ҳолларда, холдинг компанияси назорат акция пакетларининг ишлаш механизми орқали таъсир ўтказган ҳолда, ҳал қилувчи овоз бериш ҳуқуқига эга бўлади. (Қонунлар: ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 12.10.1995 й. 398-сонли “Холдинглар тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори, 1-банд)

Ҳ

- Ҳисобварақ-фактура - харидор номига сотувчи томонидан тақдим этиладиган товарлар ва хизматларнинг етказиб берилишини ва уларнинг тўлиқ қийматини тасдиқловчи ҳисобварақ. Ҳисоб фактура савдо битимининг шартлари, жумладан, ҳажми, нархи, қиймати, сотиш ва етказиб бериш усуллари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. (Қонунлар: ЎзР Солиқ кодекси, 47-модда)

- Ҳоким ёрдамчиси — ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришга, доимий даромад манбаига эга бўлмаган ва ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлашга маъсул шахс. Ҳоким ёрдамчисининг вазифаларига маҳаллани иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, фуқароларга оилавий тадбиркорлик учун имтиёзли кредит ва субсидиялар олишда кўмаклашиш, ишсиз аҳолини бўш иш ўринларига жойлаштириш кабилар киради.

- Ҳосилавий молия воситалари – бошқа молиявий инструментларнинг қийматига боғланган махсус молиявий инструментлар бўлиб, улар орқали турли хил молиявий хатарларни (фоиз ставкаси, алмашинув курси, кредит, капитал ва товар нархлари хатарлари) бошқариш имконияти мавжуд.

Ч

- Чет эл банки - чет давлатнинг ҳудудида рўйхатга олинган, унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ банк деб ҳисобланадиган юридик шахс. (Қонунлар: ЎзР 05.11.2019 й. ЎРҚ-580-сон «Банк ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, 3-модда)

Ш

- Шартнома - икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 353-модда)

- Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағи - фуқаронинг Халқ банкидаги эгаси ёзилган шахсий ҳисобварағи бўлиб, бадал киритувчиларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари ва улардан жамғариб бориладиган пенсия тўловлари тўланадиган шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларидаги маблағларга ҳисоблаб қўшилган фоизлар ана шу ҳисобварағига келиб тушади ва унда ҳисобга олинади. (Қонунлар: Халқ банки томонидан фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида шахсан ҳисобга олишни юритиш тартиби тўғрисида Низом (ВМнинг 21.12.2004 й.даги 595-сон қарорига 1-илова), 2-банд, 3-хатбоши.)

- Шахсий молия - уй аъзоларининг турмушини таъминлаш учун маблағларни олиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларнинг жамланмаси.

- Шахсий суғурта шартномаси - мазкур шартнома бўйича бир тараф (суғурталовчи) бошқа тараф (суғурта қилдирувчи) тўлайдиган, шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта қилдирувчининг ўзининг ёхуд шартномада кўрсатилган бошқа фуқаро (суғурталанган шахс)нинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилган, у муайян ёшга тўлган ёки унинг ҳаётида шартномада назарда тутилган бошқа воқеа (суғурта ҳодисаси) юз берган ҳолларда шартномада шартлашилган пулни (суғурта пулини) бир йўла ёки вақти-вақти билан тўлаб туриш мажбуриятини олади. (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси, 921-модда)

- ШИР-код (Пин-код) - банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини, ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг эгаси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлайди. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом (АВ 30.04.2004 й. 1344-сон), 1-банд, "ч")

- Штраф - қонун ёки шартномани бузганлик учун пул жазоси, масалан, шартнома бўйича мажбуриятларни бажармаган ёки ўрнатилган шартларда бажармаган тақдирда, ёки маҳсулот (хизмат) ишлаб чиқарувчининг истеъмолчилар ҳуқуқларини бузганлик учун молиявий жавобгарлиги. Жарима тўлаш мажбурияти нафақат тижорат муносабатларида, балки давлатга мажбурий тўловларнинг бир қисмида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, солиқ тўловчи ўз вақтида солиқ тўлашни топширмаган бўлса, жарима ундирилади. (Қонунлар: ЎзР Жиноят кодекси, 274-модда)

Э

- Эквайер - пластик карталар бўйича тўлов механизмини амалга оширувчи банк ёки ташкилот. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом (АВ 30.04.2004й. 1344-сон), 1-банд, "к")

- Эквайринг - банк карталари орқали товар (иш, хизмат) сотувчилари билан операциялар бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш, шунингдек, банк картаси эгасига бевосита касса ёки банкомат орқали нақд пул бериш. (Қонунлар: Тижорат банклари томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисидаги низом (АВ 30.04.2004й. 1344-сон), 1-банд. "и")

- Экспорт (Товар/хизмат (ишлар)) - Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товар Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига уни қайтариб олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқишни назарда тутувчи экспорт божхона режими. Ўзбекистон Республикаси юридик ёки жисмоний шахси томонидан хорижий давлатнинг юридик ёки жисмоний шахсига, хизматлар/ишлар бажарилишининг географик жойидан қатъий назар бажариладиган ишлар (хизматларни). (Қонунлар: ЎзР ВМнинг 21.12.2017 й. 1006-сон "Экспорт контрактларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарорига илова, 7-банд)

- Электрон оферта - омонат шартномасининг барча асосий шартларини ўз ичига олган, оферта қилувчи шахснинг жавоб қайтарган шахс билан офертада кўрсатилган шартлар асосида шартнома тузишга хоҳиш иродасини билдирувчи таклиф (бундан буён матнда оферта деб юритилади). (Қонунлар: Ўзбекистон Республикаси банкларида депозит операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (АВ 26.08.2015 й. 2711-сон), 1-боб)

- Электрон пуллар - электрон пуллар эмитентининг электрон шаклда сақланадиган ҳамда электрон пуллар тизимида тўлов воситаси сифатида қабул қилинадиган шартсиз ва чақириб олинмайдиган пул мажбуриятлари. (Қонунлар: ЎзР 01.11.2019 й. ЎРҚ-578-сон «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги Қонуни,4-модда)

- Электрон рақамли имзо - эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган электрон ҳужжатдаги рақамли имзо. (Қонунлар: ЎзР 11.12.2003 й. 562-II-сонли "Электрон рақамли имзо тўғрисида"ги қонуни, 3-модда)

- Электрон тижорат - ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган шартномага мувофиқ амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) олди-сотдиси. (Қонунлар: ЎзР Вмнинг 02.06.2016 й. 185-сонли “Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 7-банд)

- Электрон тўлов - техник воситалар, ахборот технологиялари ва хизматлардан фойдаланган ҳолда електрон тўлов ҳужжатлари орқали нақд пулсиз тўловларни амалга ошириш ахборот тизимлари. (Қонунлар: ЎзР МБнинг 19.02.2001 й., 1010-сонли “Ўзбекистон Республикаси банклари ўртасида электрон тўловлар тизими бўйича ҳисоб-китоблар юритиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори, 2-банд.)

- Электрон ҳужжат - электрон шаклда қайд этилган, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳамда электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имконини берадиган бошқа реквизитларига эга бўлган ахборот. (Қонунлар: ЎзР Вмнинг 02.06.2016 й. 185-сонли “Электрон тижоратда битимларни амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 7-банд)

- Эмиссия - банкноталар ва қимматли қоғозларни чиқариш. Банкноталар чиқариш фақат давлат томонидан амалга оширилади. Эмиссиянинг мақсади нақд пулда товар айланишига хизмат қилишдир. Эмиссиянинг ҳажми бозорда мавжуд товарлар массасига мос келиши керак.

- Эмиссиявий қимматли қоғозлар - битта чиқарилиш доирасида бир хил белгилар ва реквизитларга эга бўлган, мазкур чиқарилиш учун ягона шартлар асосида жойлаштириладиган ҳамда муомалада бўладиган қимматли қоғозлар. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015й. ЎРҚ-387 "Қимматли қоғозлар тўғрисида"ги Қонуни, 3-модда)

- Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестри - рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг рўйхати. (Қонунлар: ЎзР 03.06.2015й. ЎРҚ-387 "Қимматли қоғозлар тўғрисида"ги Қонуни, 3-модда)

- Эмпирик таҳлил фактга оид маълумотларни таҳлил қилиш асосида ахборотни ўрганиш ва изоҳлашга ёндашув. Эмпирик ёндашув назариялар ва концепциялар эмас, балки реал маълумотлар, ўлчовлар ва натижаларга асосланади.

- Эркин иқтисодий зона - ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун мамлакат ва чет эл капиталини, истиқболли технология ва бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида тузиладиган, аниқ белгиланган маъмурий чегаралари, божхона, валюта, солиқ ва виза имтиёзларига эга бўлган ва алоҳида ҳуқуқий тартиботи бўлган махсус ажратилган жой. (Қонунлар: ЎзР 25.04.1996 й. 220-I-сон " Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонуни, 1-модда)

Ю

- Юридик шахс - ўз фаолиятининг асосий мақсади сифатида фойда олишни кўзлайдиган ташкилот (тижоратчи ташкилот) ёки фойда кўришни асосий мақсад сифатида қўймайдиган ташкилот (нотижорат ташкилот). (Қонунлар: ЎзР Фуқаролик кодекси (1-қисм), 40-модда)

Я

- Ялпи ички маҳсулот дефлятори – маълум бир давр мобайнида мамлакат ҳудудида ишлаб чиқарилган ва истеъмол қилинган товар ва хизматлар нархларининг умумий даражасини ўзгариши.